Ислом динининг тарқалиши Яқин Шарқда араб давлатчилигининг шаклланиши ва ривожи билан узвий боғлиқдир. Бу жараён ислом дини таълимотларини тарқатиш билан чамбарчас олиб борилди.
VIII аср охири IX аср бошларига келиб араб халифалиги Шарқда энг кучли мамлакатга айланди. Хусусан, Мансур, Ҳорун ар-Рашид, Маъмун даврларида халифаликнинг марказий шаҳарлари бўлган Бағдод, Куфа ва Басра иқтисодий ҳамда маданий жиҳатдан энг ривож топган шаҳарлардан бирига айланди. Маданият, илм-фан тараққий этди. Бу ерда илм даргоҳлари вужудга келди, китоб кўчириш, араб тилига турли илмий китобларни ўгириш авж олди, махсус таржимонлар мактаби вужудга келди. Бу жиҳатдан, айниқса, Ҳорун ар-Рашид ва Маъмун даври муҳим аҳамият касб этади. Бу даврга келиб, дунёда биринчи илмий академия ташкил этилди.
Абу Ҳанифа имоми Аъзам Нўъмон ибн Собит (80-150/699-767) асос солган Ҳанафий мазҳаби VIII аср ўрталарида, Куфа шаҳри – Ироқ диёри марказида унинг ҳаётлик чоғидаёқ ислом дунёсининг бир қанча мамлакатларида тарқалиб ривожланди. Мусулмонларнинг катта қисмини ўзига эргаштириб, аҳли сунна вал жамоа йўлининг энг катта мазҳабига айланди. Шу асрнинг охирларида узоқ-яқин ўлкалар, жумладан, Мовароуннаҳрга ҳам Ҳанафийлик таълимоти етиб келган эди.
Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (132-190ҳ)-(749-805м)нинг мумтоз шогирдларидан бири бўлмиш Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Кабир ал-Бухорий (ваф.832м/й.) биринчи бўлиб, IX аср бошларида ушбу мазҳаб таълимотларининг ҳақиқий тарғиботчиси сифатида ўз ватанида фаолият олиб борди. Бухоро шаҳрини Ҳанафийликнинг муҳим марказларидан бирига айлантирди. Унинг тарбияси остида бир гуруҳ фақиҳлар, жумладан, ўз даврида Ҳанафий мазҳабининг шайхи ва салоҳиятли вакили бўлган унинг ўғли Абу Ҳафс Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳафс юксак даражадаги фақиҳ мартабасига етганди. Абу Ҳафс Кабирнинг замондоши, ҳадис илмининг буюк имоми Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (в. 256 ҳ./ 870м.) «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» ва «Фиқҳул-Бухорий» асарлари фиқх фани ривожига катта ҳисса қўшди2.
Бухоролик фақиҳлар ўша даврдан бошлаб ҳам усулул-фиқҳ ва ҳам фуруъул-фиқҳ бўйича муҳим, эътиборга молик асарлар ёзиб кетдилар. Абу Зайд Дабусий ушбу мавзуда ёзган китоб энг муҳим асарлардан бири ҳисобланади. Шунингдек, кейинроқ «Садруш-шариа» Убайдуллоҳ ибн Масъуд ёзган «Танқийҳ ул-усул» номли китоб ва унга ёзилган «ат-Тавзийҳ» номли шарҳи юксак эътиборга лойиқдир.
Абул-Фазл Қазвинийнинг «Китобун-Нақз» асарида келтирилишича, XII асрларда Хуросон шаҳарларидан тортиб, Ўзганд, Самарқанд, Мовароуннаҳр ва Туркистоннинг барча ҳудудларида аксарият аҳоли Ҳанафий мазҳабида бўлган.
XII-XIII асрларда Ўрта Осиёда фақиҳлар сони кўп бўлганлигини аллома Қазвиний «Жалолиддин Мункабирний (Мангуберди) сийрати» номли асаридан билиб олишимиз мумкин.
Ҳанафий мазҳабининг тарқалишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган:
Биринчидан: ҳанафий мазҳабида ўз моҳияти, таълимоти ва қўллаган услуби билан жамиятда юз бериб турадиган ҳуқуқий муаммоларни ҳал этиш имконияти бошқа мазҳабларга қараганда кенгроқдир. Бундай имконият шундан келиб чиқадики, Ҳанафий мазҳаби бирон масала бўйича насс (Қуръон ёки ҳадислар матни) мавжуд бўлмаса, қиёс ва унинг энг муҳим тури бўлмиш қиёси хафий, яъни ёпиқ ёки яширин қиёс (истеҳсон)га таяниб иш олиб боради, шунингдек, урф-одатга катта эътибор қаратади. Бундай услубдан фойдаланиш халқ учун ҳаётий муаммоларни шариат қоидаларига асосланиб ечишда беназир қулайликлар яратиб беради.
Иккинчидан: ҳанафийлик илмий асосларга таянган мазҳаб сифатида Аббосийлар буюк империясининг мазҳаби бўлиб келди. Ундан кейин Ғазнавийлар, Сомонийлар, Қорахонийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар, Бобурийлар, шунингдек, Усмонийлар буюк империясида давлат мазҳабига айланиши унинг ривожи ва тарқалиши учун катта имкониятларни юзага келтирди. Ушбу давлатларда айниқса, Аббосийлар, Ғазнавийлар, Усмонийлар давлатларида суд тизими ривожланди. Аллома ибн Обиддин айтганларидек, уларнинг барча қозилари ва шайхул-исломлари Ҳанафий мазҳаби вакиллари бўлганлар.
Учинчидан: Шайх Маҳмудхон Тункий ёзган олтмиш жилдлик «Мажаъул-мусаннифийн» китобида зикр қилинишича, имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари 882 та бўлган. Унинг тўртта буюк шогирди: Абу Юсуф, Муҳамад ибн Ҳасан, Зуфар ва Абулҳасандан ташқари, уларнинг кўпчилиги Мовароуннаҳр, Хуросон ва Эрон ҳудудларидан эдилар. Унинг баъзилари масалан, Усмон ал-Бустий ва бошқалари юксак илмий мақомга эга бўлиб, ушбу мазҳабни ёйиш йўлида катта хизмат кўрсатганлар. Улардан айримлари, жумладан, Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан ҳамда Имом Зуфарлар энг салоҳиятли фақиҳлар сифатида унинг илмий услуби, ҳуқуқий қарашларини ёритиб, баъзан унга қарши фикру мулоҳазаларни ҳам билдирганлар.
Юқорида берилган қисқа маълумотлардан кўриниб турибдики, Ҳанафий мазҳаби Ўрта Осиё ва Мовароуннаҳр ҳудудида кенг кўламда тарқалган бўлиб, уларнинг жуда кўп йирик ва салоҳиятли вакиллари ва имомлари, ҳам эътиқод соҳасида, ҳам ҳуқуқ соҳаларида шу муҳитда камол даражасига етиб борганлар. Улар Ҳанафий мазҳабининг ҳуқуқий ва ақидавий асосларини ташкил этувчи имом Абу Ҳанифа асарларини чуқур ўрганганлар. Шунингдак унинг иқтидорли шогирдлари Шайбоний, Абу Юсуф қаламига мансуб «Зоҳирур-ривоя», «Китобул хирож» ва бошқа фиқҳий асарларга асосланган ҳолда ниҳоятда муҳим ҳуқуқий асарлар яратиб, мазҳабнинг гуллаб яшнашига ҳисса қўшиб кетган эканлар. Масалан, Ўрта Осиёнинг буюк фақиҳларидан саккизтаси «ал-Мабсут» номи билан фиқҳ илми соҳасида илмий асарлар ёздилар. Улардан Фахрул ислом ал-Паздавий Мабсути 11 жилдлик, Шайхул ислом Муҳаммад ибн Ҳусайн ал-Бухорий ал-Ҳанафий Мабсути 15 жилдлик, шамсул аимма ас-Сарахсий Мабсути 15 жилдлик бўлган.
Ҳанафий мазҳабида урф ва истеҳсон масалалари: Ҳанафий мазҳаби асосчиси имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳи) шариат ҳукмларини истинбот ва истихрож қилишда ўзига хос бир илмий услубга асос солди. Бу ҳақда Саҳл ибн Музоҳим: «Абу Ҳанифа ҳар доим энг ишончли ривоятларга таянган, одамларнинг ўзаро муносабатларини тўғри йўлга қўйишга уринган. У қиёсга асосланиб иш олиб борарди, қиёс ноқулай бўлганида истеҳсон (қиёси хафий)га ўтарди, у орқали ҳам муаммо ўз ечимини топмаса, халқ орасида амалда бўлган урф-одатга мурожаат қиларди», - деганлар.
Урф – инсонлар одатланган ва ҳаётлари давомида амал қилиб келаётган сўз ва амаллардир. Одат ҳам худди шу маънода ишлатилади. Урф-одат Ислом ҳуқуқшунослигида, айниқса, имом Абу Ҳанифа мазҳабларида катта аҳамиятга эгадир. Урф икки қисм – урфи саҳиҳ ва урфи фосидга бўлинади.
Урфи саҳиҳ – бу шариат аҳкомларига мувофиқ келадиган сўз ёки амалларбўлиб улар инсонларга ҳеч қандай зарар келтирмайди. Масалан: кексалар ўзларининг фарзанди бўлмаган ёш болаларни ўғил бўлсин ёҳуд қиз «болам» деб айтишади. Улар ўша фарзандга хушхулқлилик билан шундай деб мурожаат қиладилар. Бунинг шариатга ҳеч қандай зид тарафи йўқ. Шунингдек, зарарли оқибатларга ҳам олиб келмайди.
Урфи фосид – бу шариат аҳкомларига номувофиқ келмайдиган сўз ёки амал бўлиб, оқибатда инсонларни эътиқодларига ва охиратларига зарар келтиради. Масалан: инсонлар антиқа бир нарсани кўрганларида чўп синдириб қўйиш керак, дейишади. Бу сўз мўътабар китобларда келмаган, асоссиздир.
Урф шариат манбаларидан деб эътибор қилиниши учун шариат аҳкомларига мувофиқ бўлиши лозимдир.
Урфни манба сифатида эътироф этиш учун яна:
- Оммавий урф, яъни жамиятдаги аҳоли орасида кенг тарқалган бўлиб, кўпчилик ундан хабардор бўлиши;
- Ҳукмлар жорий қилинаётган вақтда мавжуд бўлишига эътибор берилди.
Чунки урф-одатлар асрлар ва авлодлар алмашинуви жараёнида сайқалланиб, ривожлантириб борилмаса йўқ бўлиб кетиши мумкин. Шариат эса, жамиятдаги йўқ бўлиб кетган урфларни эътиборга олмайди.
Ислом ҳуқуқининг асосий манбаси Қуръонда олди-сотти битимига доир бир-икки оятдан бошқа насс мавжуд эмас. Ҳадис китобларида ҳам бу соҳага тегишли ҳадислар сони 20 дан ошмайди. Шундай бўлса ҳам, бугун фиқҳ китобларида бу соҳа бўйича минглаб масалани кўриш мумкин. Бунинг сабаби шундаки, Пайғамбаримиз (с.а.в) замонларида улуслараро муомалалар урф-одат асосида тартибга солинган. Ул Зот кўпинча урфни қабул қилиб, янги ҳукм жорий қилмасдилар.
Истеҳсон – луғатда бирор нарсани яхши деб билиш. Шунингдек, гарчи бировлар наздида ёмон бўлса-да, инсон ўзи хоҳлаб ва мойил бўлган нарсага ҳам ишлатилади. Истилоҳда эса, қиёси жалий (қиёси зоҳир – очиқ қиёс) доирасидан чиқиб, унга қарши бўлган ҳукмни танлаб олишдир.
Истеҳсон бир неча кўринишда бўлади. Улардан:
- шаръий далиларга асосланган истеҳсон. Масалан: келишув вақтида сотувчининг қўлида бўлмаган нарсани сотиш ёки сотиб олиш мумкин эмас. Бу умумий қоидалардан бири бўлиб, Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай дедилар: «Ким олдиндан савдо битимини тузса, миқдорини, вазнини ҳамда муддатини белгилаб битим тузсин».
Ушбу шаръий далил асосида «Салам келишуви» юзага келди. Масалан: ҳали пишмаган мевани олдиндан сотиш. Шунингдек, олувчи молни кўрмасдан сотиб олганда, кўрганидан кейин бирор айби борлиги билиниб қолса, келишувни бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлиши.
- Ижмоъга асосланган истеҳсон. Масалан: бирор нарсани ясаб бериш учун қилинадиган келишувлар. Уста ўзида бўлмаган нарсани сифатларини айтиб нархини ҳам келишиб олади. Аслида бу келишув ботил деб эътибор қилиниши керак. Аммо бу масала уламолар ўртасига ташланганида бирор киши эътироз билдирмади. Чунки асл қоида асосида ҳукм қилиш инсонларга қийинчилик туғдиради. Шу боис уни жоизлигига ҳукм қилганлар.
- Урфга асосланган истеҳсон. Масалан: китоб, идиш ва шу каби нарсаларни вақфга айлантириш. Аслида эса, фақатгина кўчмас мулкларгина вақф деб эътибор қилишини керак. Бу каби кўчадиган мулкларни вақфга айлантириш урфга асосланиб жоиз деб эътибор қилинади.
- Заруратга асосланган урф. Масалан: қудуққа бирор нажосат тушиб кетганда, қудуқдаги сувнинг миқдорини олиб ташлаш билан уни поклаш. Кийимга нажосат текканида афв миқдорини эътиборга олиш. Бу каби масалалар зарурат юзасидан жоиз деб эътибор қилинади.
- Маслаҳатга асосланган истеҳсон. Масалан, кўпчиликнинг моллари бир кишига топширилган. Жавобгарликни ўз бўйнига олган киши молни асраб авайлаб айтилган манзилга етказиб бериши керак. Аммо молга бирор талофат етиб қолди. Етказилган зарарни ким қоплайди? Мусулмонлар орасида илмга бўлган эътибор сусайганини, масъулиятни ҳис қилмай қўйганларини, хиёнат ва алдамчилик авж олганини инобатга олиб, кўп фақиҳлар жавобгарликни бўйнига олган киши тўлайди, деганлар.
- Қиёси хафийга асосланган истеҳсон. Масалан: йиртқич қушлар ичган идишдаги сув қолдиғи пок бўлиб, улар сув ичган идиш нажосат деб эътибор қилинмайди.
Аксар усул уламолар истеҳсонни шаръий далил деб эътибор қиладилар. Уламолар истеҳсон асосида қилинган ҳукмни, истеҳсон асосида чиқарилган ҳукм эмас, балки шаръий далил асосида чиқарилган ҳукм, дейишни афзал биладилар. Аммо уни истеҳсон деб номланиши истелоҳда ундан бошқа сўз бўлмагани учун ишлатилган
[2].
Шу ўринда, Ҳанафий мазҳаби халқимиз ҳаётига чуқур сингишида қандай омиллар сабаб бўлди, деган ўринли савол туғилиши табиий. Ҳанафийлик бу ҳудудда мустаҳкам ўрнашишига, бу ҳудудда яшайдиган халқларнинг исломдан олдин ҳам маданий ҳолатда яшаганликларини асосий сабаблардан бири, деб айтиш мумкин. Марказий Осиёда маданият, санъат, давлатчилик ва бошқа мустаҳкам жамият асослари олдиндан мавжуд бўлган. Халқларнинг маданий ҳаётлари ва савияларига тўлиқ мос келадиган мазҳаб, уларнинг ҳаётларидан мустаҳкам ўрин олиши табиийдир.
Хулоса қилиб айтганда, юртимиз ҳали ислом дини Ўрта Осиёга кириб келишидан олдин ҳам дунё маданияти ва тамаддунининг муҳим марказларидан бири бўлиб келган. Аждодларимиз исломни қабул қилганларидан сўнг, ўзларининг маданий ҳаётларига муносиб бўлган ҳанафийлик мазҳабини танлаганлар. Агар бу мазҳаб қонун-қоидалари халқнинг савияси ва ҳаёт тарзлари талабларига жавоб бермаганида эди, бу қадар мустаҳкам сингиб кетмаган ва бу юртдан бунчалик кўп алломалар етишиб чиқмаган бўлар эди. Юртимиздан етишиб чиққан фақиҳларнинг деярли барчаси ҳанафий мазҳаби уламоларидир. Муҳими шундаки, улар бутун ислом дунёси эътироф этадиган ва ҳанафий мазҳабида ҳар бир сўзи ва фатвоси эътиборли бўлган олимлардир.
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек:
«Бизнинг мусулмончилигимиз, Аллоҳга, динимизга муносабатимиз баъзи миллий қадриятларимизда ҳам яққол кўринадики, ҳар бир мусулмон юртдошимиз уларга беихтиёр риоя қилади. Энг муҳими, биз бу ишларни намойиш етиш учун эмас, иймонимиз, эътиқодимиз амри билан адо этамиз»[3].
Демак, Ҳанафий мазҳаби қон-қонимизга, онгу шууримизга шу қадар теран сингиб кетганки, уни ҳеч қандай куч, ҳеч қандай ташвиқот билан чиқариб бўлмайди. Чунки, жамиятимизнинг қайси бир жабҳасини олиб қарасак ҳам, албатта Ҳанафий мазҳабига қайсидир бир тарафдан боғлиқлик жиҳати бор. Биз шуни аниқ қилиб айта оламизки, Аллоҳ бизнинг қалбимизда, юрагимиздадир!
[1] Абдулҳаким Шаръий Жузжоний. Ислом ҳуқуқшунослиги, Ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. “Тошкент ислом университети” наширёти, 2002,175.
[2] الدكتور عبد الكريم زيدان .الوجيز في أصول الفقه. بيروت-لبنان: مؤسسة الرسالة – 2003 م 230-235 ص.
[3] Зиёдов.А. “Ислом зиёси ўзбегим сиймосида” – Т. «Тошкент ислом университети» нашриёти 2001, 240.б.
Ш.Сетирзаев,
«Муҳаммад ал-Беруний» номли мадраса талабаси
Комментариев нет:
Отправить комментарий